Ўзбекистонда радарлар фаолияти устидан назорат кучайтирилди
Ижтимоий тармоқларда радарларнинг ноқонуний ишлаши ва автомобиллар ҳаракат тезлиги сунъий равишда ошириб кўрсатилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди

Ўзбекистонда радарлар фаолияти устидан назорат кучайтирилди, деб хабар бермоқда ЙҲХХ матбуот хизмати.
Ижтимоий тармоқларда радарларнинг ноқонуний ишлаши ва автомобиллар ҳаракат тезлиги сунъий равишда ошириб кўрсатилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилишда қонунийлик ва адолатни таъминлаш мақсадида ЙҲХХ томонидан махсус жиҳозланган автомобиллар ёрдамида мамлакатнинг барча ҳудудларида ўрнатилган фото ва видео қайд этиш қурилмаларини текширувдан ўтказилмоқда.
Радарларнинг доимий созлиги, аниқлиги ва барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон миллий метрология институти мутахассислари томонидан мунтазам равишда текширув ва синовлардан ўтказилади.
Текширувлар давомида ускуналарнинг белгиланган техник талабларга мувофиқлиги, тезликни ўлчаш аниқлиги ҳамда улардан фойдаланишнинг қонунийлиги баҳоланади. Камчилик ёки қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда, масъул шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.





