Ўзбекистонда рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига ўзгартиришлар киритилди

Мазкур ҳужжат билан рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш мезонлари такомиллаштирилди

Ўзбекистонда дори воситаларини рецептли ва рецептсиз тоифаларга кирилиш тартиби қайта кўриб чиқилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Дори воситасини рецептсиз бериладиган тоифага киритишда қуйидагилар ҳисобга олинади:

• дори воситасининг тиббий ходимнинг доимий кузатувисиз, мустақил ва хавфсиз қўлланиши;

• нотўғри қўллаш, дозани ошириб юбориш, суиистеъмол қилиш ёки қарамликни келтириб чиқариш хавфининг пастлиги;

• қўллаш йўриқномасидаги маълумотларнинг истеъмолчи учун аниқ, тўлиқ ва тушунарли экани;

• фармаконазорат ҳамда постмаркетинг назорати натижалари;

• жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эътироф этилган тартибга солувчи органлар томонидан дори воситасининг рецептсиз бериладиган тоифага киритилганлиги.

Шунингдек, икки ёки ундан ортиқ фаол модда бирикмасидан иборат дори воситалари ҳам рецептсиз бериладиган тоифага киритилиши мумкин.

Бунда ҳар бир фаол модданинг терапевтик ҳиссаси, комбинациянинг фойда-хавф нисбати, клиник асосланганлиги, шунингдек, ўзаро таъсир, дозани ошириб юбориш ва нотўғри қўллаш хавфлари баҳоланади.

Дори воситасини рецепт билан бериладиган тоифадан рецептсиз бериладиган тоифага ўтказиш рад этилган тақдирда, рад этиш асослари бартараф этилганда ёки дори воситасининг хавфсизлиги ҳамда самарадорлигига оид янги маълумотлар олинганда, ариза берувчи 3 йил кутмасдан такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ваколатли орган дори воситасининг хавфсизлиги ва самарадорлигига оид янги маълумотлар, фармаконазорат ва постмаркетинг назорати натижалари ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришлардан келиб чиқиб, унинг тоифасини қайта кўриб чиқиши мумкин.

Ўзбекистон