Самарқанд шаҳрида одам ёллаб, бувисининг мол-мулкини ўғирламоқчи бўлган аёл қўлга олинди

Самарқанд шаҳрида бувисининг мол-мулкини талон-торож қилиш учун босқинчи ёллаган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Хабарга кўра, Самарқанд шаҳри Саттепо масканида яшовчи 25 ёшли Б. исмли аёл 28 сентябрь куни бувиси ва тоғасининг яшаш уйида босқинчилик қилиш учун одам ёллаган. Ёлланган одамга бувисининг уйида 40 минг доллар ва 6—7 турдаги, тахминий баҳоси 10 минг долларлик тилла тақинчоқлар борлигини айтган. Аёл бувиси билан ўзининг оиласи ўртасида келишмовчилик борлиги сабабли ушбу пуллар ва қимматбаҳо буюмларни қўлга киритиб, ундан қасд олмоқчи бўлган. Шу мақсадда ўзининг таниши А.ни ёллаб, агарда ишни эпласа, унга 10 минг доллар беришни ваъда қилган.

Маълум бўлишича, аёл ёлланма босқинчига уйнинг ички тузилишини чизиб бериб, ўзи билан бирга бувисининг манзилига олиб борган. У ерда узоқдан уйнинг кириш дарвозаси ва уйнинг тузилишини тушунтириб бериб, келгусида содир этиш керак бўлган жиноий режани тузиб берган.

Ҳолат тўғрисида олинган тезкор маълумотга асосан, 3 октябрь куни ДХХ вилоят бошқармаси ва Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси жиноят-қидирув бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган ҳамда аёл ёлланма босқинчи билан такрорий учрашган вақтида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими  томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада фирибгарлик ҳамда босқинчилик жиноятини содир этиб, терговдан яшириниган 3 нафар шахс қўлга олингани, Наманганда фуқарони олиб қочиб, унинг 5 миллион сўм пулини ўғирлаб кетган уюшган гуруҳ ушлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар