Наманганда фуқарони олиб қочиб, унинг 5 млн сўм пулини ўғрилаб кетган уюшган гуруҳ қўлга олинди (фото)

Наманган вилояти Наманган шаҳрида фуқарони уриб, сўнг уни қурилиши тамомланмаган бинога олиб бориб дўппослаган ва ёнидаги 5 миллион сўм пулини ўғрилаб кетган 6 кишидан иборат уюшган гуруҳга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати

Маълум бўлишича, 11 август куни соат 16:00 да 40 ёшли А.К., 39 ёшли Р.К., 23 ёшли А.К., 35 ёшли Б.Б., 33 ёшли С.А. ва 30 ёшли Ж.А.лар олдиндан жиноий тил бириктириб, Наманган шаҳри И.Каримов кўчасида жойлашган автомашиналарга техник хизмат кўрсатиш устахонасига келган. Ўзганинг мулкини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш мақсадида шу ерда ишловчи, ўзларига олдиндан таниш бўлган 28 ёшли Ш.Қ.дан 95 миллион сўм қарзини беришни талаб қилган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати

Шунингдек, хеч бир сабабсиз баданининг турли жойларига қўли ва оёқлари билан уриб, дўппослаб, Ш.Қ.ни «Gentra» автомашинасига юклаб, уни ўғрилаб кетган ҳамда Наманган шаҳри Зиёнур кўчасида жойлашган қурилиши тамомланмаган бинога олиб борган. У ерда Ш.Қ.га соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, дўппослаб, ёнида бўлган 5 миллион сўм миқдоридаги пулларини босқинчилик йўли билан қўлга киритган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми «в» банди (Одам ўғирлаш) ва 164-моддаси 2-қисми «б» банди (Босқинчилик) ҳамда  277-моддаси 2-қисми «б» банди (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати

«Ушбу жиноятни содир этган барча шахслар ушланиб, жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Каттақўрғонда қиймати 5 миллион сўмлик қўйларни ўғирлаган жиноий гуруҳ устидан суд ҳукми ўқилгани, Тошкент туманида вирусга қарши дориларни 131 миллион сотаётган шахслар қўлга олингани ҳамда Бухорода Эрондан олиб келинган 48,2 миллион сўмлик мебель ва маиший техника воситаларини яширинча олиб киришга уринган шахслар фош этилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар