Тошкент туманида вирусга қарши дориларни 131 млн сотаётган шахслар қўлга олинди

Тошкент туманида 22 август куни вирусга қарши «Плекнил» ва «Рибоверин» дориларини қиммат нархларда сотаётган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақдa «Tez News»ga Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Л-ПҲ.» МЧЖ раҳбари С.Х. ва фуқаро Х.Ш. олдиндан тил бириктириб, пандемия шароитида дори воситаларини қиммат нархларда сотиб, даромад орттириш мақсадида «С-ПҲ.» МЧЖдан 99,6 миллион сўмлик «Плекнил» ва «Рибоверин» дориларини пул кўчириш йўли билан харид қилган. Шу куннинг ўзида ушбу дори воситаларини харидорга 131 миллион сўмга сотаётган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан С.Х. ва Х.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 186-моддаси (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда 34 миллион сўмдан ортиқ дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилгани ҳамда Оққўрғонда 30 қути дори воситасини жами 8,1 миллион сўмга сотган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.