Самарқандда 34 млн сўмдан ортиқ дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди (фото)
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари 34 миллион 240 минг сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.
Маълум бўлишича, Божхона бошқармаси ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида олиб борилган тезкор тадбир давомида «Юлдуз» кафеси ёнида жойлашган автомашиналар тураргоҳидаги фуқаро Ю.Ф. бошқарувидаги «Spark» русумли автомашина кўздан кечирилган. Натижада автомашинадан йўловчи сифатида кетаётган Х.Ш.га тегишли бўлган полиэтилен пакетларга жойлаштарилган жами 34 миллион 240 минг сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган дори воситалари борлиги аниқланган.
Мазкур дори воситалари гувоҳлар иштирокида қонунбузардан ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга олиб қўйилган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, вилоят божхоначилари 2020 йил бошидан ҳозирга қадар 9 та ҳолатда 112 миллион 287 минг сўм, жами 7385 дона дори воситаларини ноқонуний савдосини тўхтатиб қолган.
Аввалроқ Самарқандда 48 миллион сўмдан ортиқ дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилгани, Оққўрғонда 30 қути дори воситасини жами 8,1 миллион сўмга сотган шахслар қўлга олингани ҳамда Фарғонада дори воситаларини ноқонуний равишда қўлда сотиб келаётган фуқаро аниқлангани ҳақида хабар берилганди.