Жиззахда тунги клубларнинг 500 га яқин реклама ролиги ахлоқ нормаларига зид деб топилди

Видеороликда миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек, ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган нормаларига зид бўлган тасвир ва образлардан фойдаланилганлиги аниқланди

Рақобат қўмитаси томонидан жорий йилнинг сентябрь–октябрь ойларида Жиззах шаҳрида фаолият юритаётган тунги клубларнинг ижтимоий тармоқларда жойлаштирган рекламалари юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Хусусан, «JIZZAX LEADER FOOD» МЧЖ ҳамда «АЗИЗ БОҒИШАМОЛ КЛУБ» МЧЖга қарашли тунги клубларнинг Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифаларида жойлаштирилган реклама материаллари таҳлил қилинади.

Ўрганишлар давомида мазкур саҳифаларда жойлаштирилган 500 га яқин видеороликда миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек, ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган нормаларига зид бўлган тасвир ва образлардан фойдаланилганлиги аниқланади.

Ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат марказининг Жиззах вилояти бўлимига мурожаат қилинди. Улар томонидан тақдим этган хулосага мувофиқ, мазкур рекламалар «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси талабларига зид эканлиги белгиланди, — дейилади хабарда.

Юқоридагиларга кўра, Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида ҳар икки тунги клубнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида жойлаштирилган қонунчилик талабларига зид реклама материаллари олиб ташланди.

Ўзбекистон