Фарғонада 30 млн сўмлик қўйларни танишининг номига кредитга олиб, пулини тўламаган эркак ушланди

Фарғона туманида 2020 йилнинг апрель ойида танишининг номига жами 30 миллион сўмлик ўн икки бош қўйни кредитга олган эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона туманида 2020 йилнинг апрель ойида Х.У. таниши А.Ж. исмли аёлнинг ишончига кириб, номига банкдан 30 миллион сўмлик ўн икки бош қўйларни имтиёзли кредит асосида олган.

Шунингдек, белгиланган муддатда кредит тўловларини тўлаб боришини айтиб, берган ваъдасини бажармасдан алдов йўли билан қўлга киритган қўйларни бошқа шахсга сотиб, пулларни сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Маълумот учун, кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Фарғонада фирибгарлик жиноятини содир этиб, терговдан яширинган 2 нафар шахс ушлангани ва Фарғона шаҳрида 2 та «Spark» олиб беришни ваъда қилиб, танишини 12 минг долларга «туширган» эркакка жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

Янгиликлар