Фарғона шаҳрида 2 та «Spark» олиб беришни ваъда қилиб, танишини 12 минг долларга «туширган» эркакка жиноят иши қўзғатилди
Фарғона шаҳрида 2 та «Spark» олиб беришни ваъда қилиб, танишини 12 минг долларга «туширган» эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 2019 йилнинг ноябрь ойида фуқаро Ж.Д. таниши М.Ж.нинг ишончига кириб, 12 минг доллар эвазига икки дона «Spark» русумли автомашина олиб беришини айтган. Шу баҳона билан ундан 12 минг доллар миқдорида пул олиб, берган ваъдасини бажармаган. Алдов йўли билан қўлга киритган пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш қилиш билан жазоланиши мумкин.
Аввалроқ Фарғона шаҳрида пойтахтдан уй олиб беришини айтиб, эркакни 20 минг долларга «ухлатган» фуқаро ушлангани, Марғилонда фирибгарлик жиноятини содир этиб, терговдан яширинган эркак қўлга олингани хабар қилинган эди.