Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари дуч келаётган энг катта 3 та муаммо маълум бўлди

Ташқи ишлар Миграцияси агентлиги ўзбекистонлик меҳнат мигранлари дуч келаётган энг катта ва асосий 3 та муаммони маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, биринчи муаммо – бу патент олиш харажатларининг юқорилиги ва тартиб-тамойилларнинг мураккаблиги. Россияда меҳнат қилаётган фуқароларнинг 30 фоизидан ортиғи ишлаш ва яшаш учун расмий рухсатнома (патент) олмаган ҳолда ишламоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири бу патент олиш харажатларининг юқорилиги ва тартиб-тамойилларнинг мураккаблиги ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон фуқаролари Россияда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида рухсатнома олиш учун мурожаат қиладиган бўлса, уларга фақат 1 йил муддатга патент берилади. Бунинг учун эса, тахминан 500 доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри ва билвосита сарфланадиган маблағ керак бўлади. Бундан ташқари, ҳар ойда тахминан 50–120 доллар миқдоридаги мажбурий тўловлар тўланиши ва бошқа сарф-харажатлар эътиборга олинса, ҳар йили бир киши 1700 доллар сарфлаши керак. Қозоғистонда эса, рухсатнома олиш билан боғлиқ харажатлар йилига 200-1000 долларни ташкил этиб, уни даставвал иш берувчи тўлаб беради, кейинчалик ишчи-мигрантнинг ойлиги ҳисобидан қоплаб олинади.

Иккинчиси, касб-ҳунарга оид тақиқларнинг мавжудлиги. Ўзбекистонлик мигрантларга дорихоналар, чакана турғун бўлмаган чакана савдо шаҳобчалари ва бозорларда ишлаш тақиқланади. Ўзбекистонлик мигрантлар ихтисослашган дўконларда алкоголь ва тамаки сотиш каби соҳаларда ишлаши мумкин, аммо улар ташкилот ходимлари умумий сонининг 15 фоизидан кўп бўлмаслиги керак. Спорт соҳасида мигрантлар кўпи билан 25 фоиз, қуруқликдаги йўловчи ва юк ташиш транспортида эса — корхона ходимлари сонининг энг кўпи билан 26 фоизи бўлиши керак. Қишлоқ хўжалиги соҳасида мазкур чегара 50 фоизни, қурилиш соҳасида эса 80 фоизни ташкил қилади.

Учинчиси эса, Ўзбекистонлик мигрантлар ЕОИИ давлатларидан бирига келганларидан сўнг олти ой ўтгач, солиқ тўловчилар тоифасига ўтказиладилар, яъни масалан Россияда улар жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ ставкасини 13 фоиз ўрнига 30 фоиз миқдоридаги солиқни тўлайдилар.

Таъкидланишича, шу ва бошқа масалалар ўзбекистонлик мигрантларнинг эркин меҳнат фаолиятини олиб боришлари учун етарли шароит яратиш бўйича мавжуд имкониятларни батафсил ўрганиб чиқиш ва кенг таҳлил қилиш зарурлигини келтириб чиқармоқда.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг 200 га яқин фуқароси Россиядаги қурилиш объектларига ишга жўнатилиши ва Россияда мигрантлар ҳужжатларининг амал қилиш муддати узайтирилгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Россияга чиқиши соддалаштирилиши хабар қилинган.

Янгиликлар