Ўзбекистоннинг 200 га яқин фуқароси Россиядаги қурилиш объектларига ишга жўнатилди
Ўзбекистоннинг 187 нафар фуқароси Россиядаги қурилиш объектларига ишга жўнатлди. Бу ҳақда миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Агентлик томонидан Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилиши учун Наманган вилоятидан 400 дан ортиқ фуқаролар ишга юборилган. Шунингдек, 16 декабрь куни Наманган халқаро аэропортидан Россиянинг Амур вилоятидаги «Анти-Япи» компанияларининг қурилиш объектларида ишлаш учун Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан яна 182 нафар фуқароси чартер рейс орқали жўнаб кетган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Наманган вилояти филиали томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан, шунингдек, коронавирус ПЦР текширувидан ўтказиш, хизмат кўрсатиш шартномасини расмийлаштириш ишлари ташкиллаштирилиб, миграция тартиблари, Россия қонунчилиги бўйича тушунтиришлар берилган. Меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тарқатма материаллар берилган.
Вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетган фуқароларнинг транспорт, овқатланиш, патент ва яшаш харажатлари, агарда ишчи коронавирус билан касалланса, унинг даволаниши иш берувчи компаниялар томонидан таъминланиши белгиланган.
Аввалроқ Ўзбекистонлик мигрантларни пандемия даврида Россияга ишга юбориш тартиби соддалаштирилиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Россияда мигрантлар ҳужжатларининг амал қилиш муддати узайтирилган.