Ўзбекистоннинг хорижда ишлаётган аҳолиси сони маълум бўлди

Ўзбекистоннинг хорижда ишлаётган аҳолиси салкам 2 миллион нафарни ташкил этиши маълум бўлди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар берди.

Фото: «Спутник»

Таъкидланишича, Ўзбекистондан ташқарига ишга кетганлар сони 1 миллион 912,6 минг кишини ташкил этган ва 2020 йилнинг январь—июнь ойларига нисбатан 128,3 минг кишига ёки 6,3 фоизга камайган.

Ўтказилган сўровнома натижалари кўра, ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 миллион 642,5 минг кишига тенг. Ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 11,1 фоизни ташкил этганлигини кўрсатган. Шунингдек, 16—30 ёшгача бўлганлар ўртасида ишсизлик даражаси 17,1 фоиз, аёллар ўртасида  эса 14,7 фоиз бўлган.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг январь—сентябрь ойларида республикада иқтисодий нофаол аҳоли 4 миллион 273,6 минг кишини ташкил этиб, биринчи ярим йилликка нисбатан 3 фоизга ёки 130,3 минг кишига камайган.

Аниқланишича, норасмий секторда банд бўлганлар сони 5 миллион 618,8 минг кишини ташкил этиб, 2020 йилнинг январь—июнь ойларига нисбатан 9,9 фоиз ёки 504,2 минг кишига ортган. Бу, асосан, республикадан ташқарига ишлаш учун чиқадиган меҳнат мигрантларининг ички меҳнат бозорига қайтиб келиши ҳамда мавсумий ишлар қишлоқ хўжалигида банд бўлганларнинг ортиши эвазига юзага келган.

Аввалроқ меҳнат мигрантлари Ўзбекистонда пенсия ва иш стажига эҳтиёж сезмаса, ижтимоий солиқ тўламаслиги ҳамда ўзбекистонлик мигрантларни пандемия даврида Россияга ишга юбориш тартиби соддалаштирилиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинган эди.

Шунингдек, Ўзбекистон хориждаги 10 мингга яқин эҳтиёжманд фуқаросига 40 доллардан бир марталик моддий ёрдам кўрсатиши ва ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг 378 минг доллар иш ҳақи ундириб берилгани маълум қилинган.

Янгиликлар