Ўзбекистонда 2020 йилда нечта банк картаси муомалага чиқарилганлиги маълум бўлди

Ўзбекистонда бир йилда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун 5,2 миллион дона банк картаси муомалага чиқарилди. Бу ҳақда ЎзА ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, тижорат банкларидаги ҳисоб-китоб терминалларининг захираси 137 минг донани ташкил этган.

Шунингдек, ҳудудлардаги чакана савдо ва пуллик хизматлар кўрсатиш шохобчалари ҳамда банк инфратузилмаларига ўрнатилган терминаллар сони 2020 йилда 43,3 минг дона ёки 11 фоизга ошиб, 2021 йил 1 январь ҳолатида 435,7 минг донани ташкил қилган.

Банк инфратузилмалари, туризм массивлари, йирик бозорлар, савдо комплекслари ва аҳоли гавжум бўладиган бошқа объектларга банклар томонидан 2020 йилда 2 597 дона банкомат ва инфокиоск ўрнатилиб, бу кўрсаткич 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, ўтган йилга нисбатан 28,2 фоизга ортиб, 11 800 донага етган.

Бундан ташқари, нақд пулсиз тўлов воситаларини ривожлантириш ва кўламини ошириш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2020 йилда тижорат банклари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун 5,2 миллион дона банк картаси муомалага чиқарилди. Бу кўрсаткич 2019 йил билан солиштирганда 25,4 фоизга ортиб, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 25,8 миллион донани ташкил қилган.

Янгиликлар