Ўзбекистон Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами юборди

18 март куни Ўзбекистон Республикаси номидан Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами етказилди, деб хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати.

Мазкур эзгу ташаббус Рамазон ҳайити муносабати билан афғон халқини қўллаб-қувватлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги яқин қўшничилик ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилди. Умумий оғирлиги 290 тоннадан зиёд бўлган инсонпарварлик юки – ун, гуруч, буғдой, ўсимлик ёғи, тез тайёрланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари, макарон, қандолат ва бошқа турдаги маҳсулотлардан иборат, — дейилади хабарда.

Инсонпарварлик юкини расман топшириш маросими Ҳайратон шаҳрида бўлиб ўтди.

Маросимда сўзга чиққан Балх вилояти губернатори ўринбосари Мавлавий Абу Идрис, Ташқи ишлар вазирлигининг Балх вилояти бўлинмаси раҳбарияти, шунингдек, Ҳайратон шаҳар ҳокимлиги вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга афғон халқига доимий кўрсатиб келинаётган эътибор, ғамхўрлик, амалий қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик учун самимий миннатдорлик билдирди.

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ойбек Усманов ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.

Ўзбекистон