Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказининг очилишида иштирок этди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиши ҳамда ифторлик маросимида иштирок этди. 

Маросимга ҳудудлардаги студиялар орқали нуронийлар, олиму уламолар, кенг жамоатчилик вакиллари уланди. Шунингдек, турли миллат ва диний конфессиялар аъзолари, дипломатик корпус намояндалари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашди.

Тадбир аввалида давлати раҳбари бутун халқни муборак Рамазон ойи билан яна бир бор чин қалбдан табриклади. Шу улуғ айём кунларига барчага тинч-омон, соғ-саломат етказгани учун Аллоҳ таолога беҳад шукроналар айтилди.

Хусусан, мамлакат учун яна бир тарихий воқеа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиш маросими ўтказилаётган кун экани алоҳида таъкидланди.

Не-не аждодларимизнинг орзу-ниятлари, армонлари рўёбга чиққан мана шундай унутилмас кун билан, чинакам илм-маърифат байрами билан ҳаммангизни чин қалбимдан табриклайман. Мамлакатимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи ва бой маданиятининг, Янги Ўзбекистон имкониятларининг ёрқин кўзгуси бўлган ушбу бетакрор ва буюк мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин! – деди президент.

Марказни барпо этиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида эълон қилинган эди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўзининг маҳобати, майдони ва қамровига кўра, дунёда ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияларини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга қаратилган йирик мажмуалардан бири ҳисобланади.

Ушбу мажмуа Тошкентнинг машҳур Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 10 гектар майдонда барпо этилган. Бино уч қаватдан иборат бўлиб, узунлиги 161 метр, эни 118 метрни ташкил этади. Гумбазининг баландлиги 65 метр, умумий фойдаланиш ҳудуди эса 42 минг квадрат метрдан зиёд. Бу каби ноёб кўрсаткичлар уни «Гиннесснинг рекордлар китоби»га киритиш учун ҳам асос бўлмоқда.

Марказда «Ўзбекистон заминида исломгача бўлган давр», «Биринчи ва Иккинчи Ренессанс», «Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори» каби экспозиция заллари мавжуд.

Музей экспозициясини шакллантириш ва бойитиш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилиб, ўтган йилнинг ўзида 1,5 мингдан ортиқ экспонат, жумладан, 800 га яқин қадимий қўлёзма, археологик топилма ва тарихий хариталар экспозицияга жойлаштирилган. Хорижий аукцион уйлари, йирик коллекционерлар ва арт-дилерлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, 743 та экспонатнинг асл нусхалари келтирилган.

Марказнинг асосий зали – муқаддас Қуръон залида дунёдаги энг қадимий олтита Қуръони каримдан бири бўлган мўътабар Усмон Мусҳафи ўзининг юксак мақомига муносиб шарафли ўрин топган. Шунингдек, турли даврларга оид нодир Қуръон қўлёзмалари ҳам шу ерда жамланган.

Марказ қадимий ва миллий меъморчилик анъаналари асосида қурилган бўлиб, унга тўрт томондан – тўрт асосий портал орқали кириш мумкин. Ушбу порталлар ва бинонинг ташқи равоқлари илм-маърифат, бағрикенглик, инсонийлик ва ота-онага ҳурмат мазмунидаги Қуръон оятлари ҳамда ҳадислар билан безатилган.

Марказни лойиҳалаш, қуриш ва замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозлашда Франция, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Туркия, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлардан малакали мутахассислар иштирок этди.

Бу ерда Усмон Мусҳафи билан бир қаторда юртимизга тегишли бўлган, турли сулолалар даврида яратилган 114 та нодир Қуръон қўлёзмаси жамланган. Улар орасида сомонийлар, қорахонийлар, ғазнавийлар, темурийлар, шайбонийлар ва бошқа даврларга мансуб ноёб нусхалар бор. Бу қўлёзмалар Шарқ китобат санъатининг юксак намуналари сифатида нафақат диний, балки улкан тарихий, илмий ва бадиий қимматга ҳам эга.

Қайд этилганидек, марказ тамал тоши қўйилганидан 2025 йилга қадар унинг фондидаги қадимий манбалар сони 2 мингдан ошди, нодир Қуръон қўлёзмалари эса 60 тадан зиёдга етди. Уларнинг барчаси халқдан жамланган ва халқаро аукционлар орқали харид қилинган. Бу борада амалга оширилган ишлар миллий ва диний меросимизни қайта тиклаш, тарқоқ ҳолда сақланаётган бебаҳо манбаларни Ватанга қайтариш, уларни илмий муомалага киритиш ва келажак авлод учун асраб қолиш йўлидаги теран ёндашувни яққол намоён этади.

Президентимиз марказ маънавий-маърифий йўналишдаги фаолият учун фундаментал база бўлишини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси талабалари юқори курсларда шу ерда ўқиши, ўқитувчи-домлалар эса ўз билими ва малакасини ошириши назарда тутилган. Энг муҳими, марказ ёшларимиз орасидан янги хоразмийлар, беруний ва улуғбеклар, фарғоний ва ибн синолар, бухорий ва термизийлар етишиб чиқиши учун мустаҳкам маънавий майдон бўлиши кераклиги қайд этилди.

Бугун ўзлигимизни англаш йўлида катта тантана бўлди. Минг шукрки, тўққиз йил давомида ният қилиб, изланиб, ҳаракат қилиб, халқимизнинг кимлигини, тарихимизни ҳаққоний акс эттирадиган мажмуани барпо этдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон, айниқса ёшларимиз, қандай аждодлар авлоди эканимизни билиши, англаши керак.

Бу улкан лойиҳа оддий бир чизма эмас. Уни юрак чизган, меҳр чизган, орзу ва армонлар чизган. Қуръони карим сақланадиган муқаддас зал ҳам шунчаки яратилган эмас. У юракдан туғилган, халқимизнинг орзу-интилишлари ва буюклигини намоён этиш истагидан пайдо бўлган маскандир. Бу лойиҳа буюк халқимизнинг асл қиёфасини рўёбга чиқаришга қаратилган эзгу ниятлар маҳсулидир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ифторлик маросимида Қуръони каримдан тиловат қилинди. Муқаддас Рамазон ойида тутилаётган рўзалар, қилинаётган ибодатлар қабул бўлиши, Яратган Парвардигор халқимизни ва Ватанимизни ўз паноҳида асрашини сўраб, дуолар қилинди.

Ўзбекистон