Марказий банк нега асосий ставкани ўзгартирмаганини тушунтирди

Ўзбекистон Марказий банки асосий фоиз ставкасини йиллик 14% даражасида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди.

Сўнгги ойларда айрим озиқ-овқатлар нархлари ошиши ҳисобига умумий инфляция даражасининг пасаювчи тренди секинлашиб, ўзгаришсиз сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, юқори истеъмол фаоллиги сақланиб қолаётгани ва ташқи шароитларда нархларга оширувчи хатарлар кутилаётгани инфляцияни ўрта муддатли таргет даражасигача пасайтириш мақсадида қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолишни тақозо этмоқда, — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 2026 йил бошидан иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг муайян тезлашиши кузатилган. Натижада базавий инфляция ўсувчи траекторияга ўтиб, февраль ойида йиллик 6,3% ташкил этган. Мавсумий омиллар таъсири камайиши ҳисобига умумий инфляция сезиларли ўзгаришсиз 7,3% даражада шаклланган.

Ўз навбатида, озиқ-овқатлар нархларидаги ўсиш инфляцион кутилмаларнинг юқори сақланиб қолишига хизмат қилмоқда. Иқтисодиётда фаоллик ялпи талаб ҳисобидан юқори даражада сақланиб қолмоқда. Бу чакана ва улгуржи савдо айланмаси динамикасида, кўчмас мулк олди-сотди битимлари сонида ҳамда бюджет харажатлари ижросида намоён бўлаяпти.

Таъкидланишича, ушбу даврда ишлаб чиқарувчилар нархларининг сезиларли ўсиши кузатилган. Юқори талаб фонида бу келгуси даврларда ишлаб чиқарувчилар харажатларининг якуний нархларга ўтиб бориши ва уларнинг истеъмол нархларида акс этиши эҳтимолини оширади.

Бундан ташқари, ташқи иқтисодий шароитда геосиёсий кескинликларнинг кучайиши ҳам нархларга оширувчи хатарларни юзага келтираётгани билдирилди. Хусусан, глобал таъминот занжирларидаги узилишлар натижасида жаҳон бозорида кутилаётган энергия ресурслари ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши, шунингдек, логистика каналларидаги ўзгаришлар туфайли ташиш харажатларининг ортиши кузатилиши мумкин. Бу эса келгусида импорт нархлари орқали ички инфляцияга қўшимча босимларнинг шаклланишига сабаб бўлади.

Юқоридаги омилларни инобатга олиб нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инфляцион кутилмаларни пасайтириш мақсадида қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттириш зарур деб ҳисобланди, — деб таъкидланди.

Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати инфляцияни ўрта муддатда 5% мақсадли даражагача пасайтириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг харид қобилиятини сақлашга қаратилган бўлиб қолиши билдирилди.

Ўзбекистон