Ўзбекистонда Рамазон ҳайити расман 20 март куни нишонланади
Ўзбекистонда Рамазон ҳайити 20 март куни нишонланади, бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорида кўзда тутилган.

Жорий йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 20 март — жума кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, мамлакатимизда 2026 йил 20 март куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мамлакатда бу йилги муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар туфайли жойларда кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, кекса ва ногирон инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш, ифторлик маросимлари ҳамда хайрия тадбирларини ихчам ва тартибли ташкил этишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилган.
Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда аҳоли турмуш даражасини ошириш, инсон қадрини юксалтириш, жамиятда тинчлик, дўстлик, ўзаро ҳурмат, саховат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади, — деб таъкидланди.
Президент Қорақалпоғистон Республикаси вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Рамазон ҳайитини ҳудудларда миллий анъана ва урф-одатларига ҳамда Наврўз умумхалқ байрамига уйғун ҳолда кўтаринки рухда нишонлашни топширди.





