Наманган вилояти ҳокими ёшлар кўпроқ китоб ва газеталарни ўқиши учун ижтимоий тармоқларни бир ойга ёпишни таклиф қилди

Аввалроқ, Ўзбекистонда TikTok ва қатор ижтимоий тармоқлар блокланган эди.

3 июль куни Чортоқ тумани ёшлари билан учрашувда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ижтимоий тармоқларни бир ойга блоклаб қўйиш таклифини айтиб ўтди.

«Қайси бир ёш отамизнинг олдига бориб, бир соат гаплашиб ўтира олади? Бир соат гаплашиб ўтира олмайди, аммо интернетда икки соат, ярим кун, бир кунлаб қолиб кетади. Жудаям бузилиб кетаяпти», — деди ҳоким.

«Спортга ўтириши керак. Ота-онасидан дуо олишга ўтириши керак. Астойдил бўлиши керак. Иши юришмаяпти… Нега иши юришмаяпти? Бекорчи. Бефойда хабарлар билан миясини тўлдириб олган», — деди Наманган вилояти ҳокими.

Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, эътиборни кўпроқ китоб ва газеталарга  қаратиш керак.

Шунингдек, Шавкатжон Абдураззоқов ривожланаётган мамлакатлар аҳолисининг газета ўқишини мисол тариқасида қайд этди.

«Ҳозир ҳам, масалан, нимага Америка, Ҳиндистон қаттиқ ривожланаяти? Ҳар куни, кўчада ётганлар ҳам, бир пакет газета олиб ўқийди. Мен ўзим кўрганман кўзим билан. Ҳиндистонда кўчадаги уйсизга ҳам газета тарқатади. Газета ўқиб, иш ахтариб, ҳаракат қилади», — деди Шавкатжон Абдураззоқов.

Эслатиб ўтамиз аввалроқ, Президент айрим тиктокерларни танқид қилган эди.

Янгиликлар