Бухорода 660 та оилага мўлжалланган турар жой қурилмоқда. Улардан 64 таси оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилаларга берилади (фото)

Бухоро вилоятида 2020 йилда аҳолини имтиёзли кредит линиялари асосида арзон уй-жой билан таъминлаш мақсадида 22 та беш ва етти қаватли, жами 660 та оилага мўлжалланган замонавий турар жой объекти қурилмоқда, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Мазкур хонадонларнинг 474 таси уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун, 52 таси меҳнат мигрантларига, 10 таси ёш оилалар учун, 64 таси оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, боқувчисидан айрилган оилалар, якка-ёлғиз аёллар учун, 60 таси мудофаа ва ички ишлар органлари хизматчилари учун ажратилган.

Таъкидланишича, Бухоро вилоятида 2020 йилга мўлжаллаб тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ, жами 239 та объектда, жумладан, 20 та умумтаълим мактаби, 30 та мактабгача таълим муассасаси, 17 та соғлиқни сақлаш, 2 та олий таълим институти биноси, 3 та спорт-соғломлаштириш объекти ва ўнга яқин  бошқа объектда таъмирдаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, 40 та ирригация ва мелиорация иншоотини янгидан қуриш, мукаммал таъмирлаш ишларига жиддий киришилган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Бундан ташқари, Президентнинг «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда янги тартиб бўйича хусусий тадбиркорлар томонидан 1 минг 50 та (Бухоро шаҳрида 498 та, Когон шаҳрида 42 та, қишлоқ жойларида 510 та) хонадонга эга кўп қаватли уйлар қурилиши белгиланган. Мазкур квартираларнинг 770 таси уй-жойга муҳтож оилаларга давлат томонидан ажратиладиган субсидиялар орқали берилади. Ҳозирда бу уй-жойларда ҳам қурилиш ишлари олиб борилаётган бўлиб, ўз муддатида фойдаланишга топшириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда, дейилади хабарда.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Пахтаободда 14 та кўп қаватли турар-жой қурилиши ҳамда Aндижонда кўп квартирали уйларни капитал таъмирлашни молиялаштириш учун махсус жамғарма ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар