Фарғонада Қурбон ҳайити муносабати билан 200 дан ортиқ эҳтиёжманд оила ҳолидан хабар олинди

Фарғона вилоятида Қурбон ҳайити муносабати билан 200 дан ортиқ эҳтиёжманд оила ҳолидан хабар олинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Қурбон ҳайити кунлари вилоят ИИБ 3-сектор кесимидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд, имконияти чекланган оилалар вакилларига сектор раҳбарияти ҳамда «Саҳий одамлардан ёрдам» ижтимоий ҳаракати томонидан беминнат озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

«Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим ҳамюртларимизга мана шундай кўмак бериб борилиши, уларнинг турмуш фаровонлигининг яхшиланиши юртимизда бу каби эзгу анъаналар бардавомлигига хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ромитанда 100 та оилага, Самарқандда эҳтиёжманд оилаларга 12 миллиард сўм, Бухорода 50 мингта эҳтиёжманд оила аъзоларига 200 минг сўмдан жами 10 миллиард сўм тарқатилган эди.

Янгиликлар