«Bukhara City» мажмуасида IT-парк қурилиши бошланди

Бухоро вилояти марказида «Bukhara City» мажмуасини барпо этиш лойиҳаси доирасида IT-парк қурилиши бошланди. Бу ҳақда «Bukhara City» дирекцияси давлат унитар корхонаси «Tez News»га хабар берди.

Фото: «Bukhara City» дирекцияси

Маълум бўлишича, мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 21 миллион долларни ташкил этиб, уни 2021 йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. IT-парк 2 та бинодан иборат бўлиб, унда мониторинг ва ситуацион марказ, сервер хоналари, 250 ўринли конференц зал, 150 ўринли мажлислар зали ҳамда қишки боғни ўз ичига олган 160 ўринли беш юлдузли меҳмонхона барпо этилмоқда.

Фото: «Bukhara City» дирекцияси

Шу ўринда, ушбу лойиҳа ишга тушгач 500 та бўш иш ўринлари яратилади. IT-парк марказининг ўзида дастурлар орқали 1,3 миллион доллар қийматидаги маҳсулотни чет элга экспорт қилиш имконияти ҳам яратилмоқда.

Фото: «Bukhara City» дирекцияси

Аввалроқ Бухорода қурилаётган «Bukhara City»га 600 миллион доллар инвестиция жалб қилиниши ҳақида хабар қилинганди.