Бухорода қурилаётган «Bukhara City»га 600 млн доллар инвестиция жалб қилинади

Бухоро вилоятида 83 гектар майдонда қурилаётган «Bukhara City»га 600 миллион доллар инвестиция жалб қилинади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлик матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ҳукумат қарорига мувофиқ Бухоро шаҳрида ўтган асрнинг 60 йилларида қурилган, маънан эскирган кичик бинолар эгаллаган жами 83 гектар майдонда замонавий турар жой, меҳмонхона, банк ва офис бинолари, таълим муассасалари, тиббиёт клиникаси ва бошқа турдаги ижтимоий объектлар, экспо-марказ, IT-парк, 32 қаватли бизнес маркази ва савдо, спорт комплексларидан иборат «Bukhara City» мажмуаси қурилмоқда.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлик матбуот хизмати

Туркиянинг «Studio Vertebra» архитекторлик компанияси томонидан ишланган лойиҳа асосида қурилаётган мазкур мажмуага 600 миллион АҚШ доллари қийматида инвестиция жалб қилинади. 10 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилади.

Таъкидланишича, 16 сенятбрь куни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Фарҳод Умаров мажмуани қуриш ишлари билан танишган. Мавжуд муаммолар ўрганилиб, мутасаддилар иштирокида муҳокама қилинган. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров «Bukhara City» мажмуаси концепцияси ва обьектлар қурилиши билан боғлиқ жараёнлар ҳақида ахборот берган.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлик матбуот хизмати

Қайд этилишича, «Bukhara City» мажмуасини барпо этиш концепциясида жами 73 та ЛОТ бўйича объектлар қурилиши белгиланган. 5 сентябрь ҳолатида 26 та ЛОТ ёки 15 гектар майдонни инвесторларга бериш бўйича дирекция билан келишув имзоланиб, Бухоро шаҳар ҳокимининг ер участкаси ажратиш бўйича тегишли қарорлари қабул қилинган. Шунингдек, «Bukhara City»да объект қуриш истагини билдирган мулкдорларнинг яна 8 нафари билан ЛОТ бўйича келишув имзоланган.

Инвесторларга берилган 26 та ЛОТдан 16 тасида турар жой, 3 та меҳмонхона, IT-парк, музей, боғча, кафе биноси, клиника, туризм ахборот маркази, автотураргоҳ, шунингдек, кўнгилочар марказ қуриш учун ер тайёрлаш ва пойдевор лойиҳалаш ишлари бошланган. Юзага келган муаммолар муҳокамада бўлган алоқадор корхона ва ташкилотлар кесимида бирма-бир кўриб чиқилган. Вилоят раҳбари уларни бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан топшириқлар бергган.

Шунингдек, мутасаддилар аввалги «Дилкушо» бозори ўрнида барпо этилаётган йирик савдо ва кўнгилочар марказида кечаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишган.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлик матбуот хизмати

Маълумотларга кўра, беш қаватли мазкур мажмуа фойдаланишга топширилса, 1218 нафар тадбиркорлик субъекти фаолият юритиши учун имконият яратилади. Ҳозирги кунда объектдаги савдо дўконларининг 958 таси эгаларига сотилган. Қолган 250 тасига доир иш юритилмоқда. Меъморий ечимига кўра мажмуа ертўласида Экобозор ташкил этилади.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлик матбуот хизмати

Вилоят раҳбарига мажмуанинг дизайни ва қиёфаси, уни замонавий ва миллий анъаналар асосида қуриш ва безаш бўйича маълумот берилган. Фарҳод Умаров қурилишнинг бориши, зарур хом ашё таъминотида кузатилаётган узилишларга барҳам бериш, ишни бир неча сменада барқарор ташкил этиш, ишлаётган жамоага етарли шарт-шароитни яратиб бериш, қурилиш ишларини сифатли қилиб якунлашга доир топшириқ ва кўрсатмалар берган.

Маълумот учун, Ўзбекистон давлат санъат музейи биносини реконструкция қилиш лойиҳаси концепцияси тасдиқланган.

Аввалроқ Ургутда Самарқанддаги энг катта масжид қурилгани, Наманганда 15 минг ўринли Ўзбекистондаги энг йирик масжид қурилаётгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар