Когонда 26 млрд сўмлик чорвачилик мажмуаларида 60 дан ортиқ иш ўрни яратилди

Бухоро вилояти Когон туманида қиймати 26 миллиард сўмдан зиёд бўлган 3 та чорвачилик мажмуасида 63 та иш ўрни яратилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Маълум қилинишича, туманда 2020 йилда 4 та лойиҳа амалга оширилган. Лойиҳаларнинг 2 таси 1000 ва қолган 2 таси 350—400 бош қорамолни боқишга мўлжалланган.

Хабарга кўра, тумандан 2 гектар ҳудуд ажратилган. Мазкур ҳудудда 1 миллиард 700 миллион сўм кредит эвазига қорамол боқишга мўлжалланган комплекс қурилган. Комплекс 600 бош қорамолга мўлжалланган ва ҳозирда 200 бош қорамол, 200 бош наслли қўй боқилмоқда. Шунингдек, Украинадан 300 бош қорамол олиб келиниши режалаштирилган ҳамда бунинг учун 300 минг евро имтиёзли кредит олинган. Бундан ташқари, комплекс ҳудудида 13 та иш ўрни яратилган.

Таъкидланишича, «Янгиобод КТҚК» фермер хўжалиги томонидан қиймати 20 миллиард сўм бўлган ва 1000 бош гўшт йўналишидаги қорамолга мўлжалланган чорвачилик мажмуаси фойдаланишга топширилган. Мажмуада 500 бош қорамол боқиш йўлга қўйилган ва 10 та иш ўрни яратилган. Мазкур мажмуада қорамоллардан 75 бош бузоқ олинган ҳамда 2020 йил якунига қадар бу кўрсаткич 210 тага етказилиши кўзда тутилган.

Фото: ЎзА

Бундан ташқари, «Самандар саноат савдо» масъулияти чекланган жамияти 4 миллиард 700 минг сўм эвазига чорвачилик комплекси қурилган. Мазкур комплекс 400 бош гўшт йўналишидаги қорамол боқишга мўлжалланган. Комплексда 280 бош қорамол боқиш йўлга қўйилган ва 40 та иш ўрни яратилган.

Мазкур МЧЖ томонидан 2020 йил сентябрь ойида Россиядан 700 бош «Герефорд», «Ангус», «Абердин» зотли гўшт йўналишидаги қорамол келтирилган. Туманнинг чўл ҳудудидан ажратилган 3 гектардан зиёд ер майдонида 2018 йилда комплекс қурилган. Мазкур комплексга Россиядан 1,5 бош қорамол келиши режалаштирилган. Олиб келиниши режалаштирилган қорамолларнинг 750 бошига 650 минг доллар имтиёзли кредит олинган. Туманда гўшт маҳсулотини кўпайтириш мақсадида 500 бош «Ангус» зотли урғочи қорамол келтириб, кўпайтириш кўзда тутилган. Комплексда 2 минг бош «Эдилбой», «Ҳисори»,«Қоракўл» зотли қўй ҳам боқилади.

Маълумот учун, мазкур ишлар Бухоро вилоятида Республика давлат ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг амалий ёрдами билан амалга оширилган.

Аввалроқ Ўзбекистон туманига ҳар бири 2 минг евролик 66 бош қорамол олиб келиниши маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2021—2023 йилларда чорвачилик тармоғига субсидия ажратилиши ҳақида хабар берилган.