Наманганда Апелляция кенгаши ўз фаолиятини бошлади

Наманган вилояти ҳокимининг 2020 йил 10 июлдаги қарори билан вилоятда жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича Апелляция кенгаши ташкил этилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, вилоятда жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасида юзага келадиган низолар хусусида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Аппеляция кенгашига мурожаат қилиш имконияти яратилади. Ушбу кенгаш жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиб, кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тавсиявий тусга эга бўлган хулоса қабул қилади. Ушбу хулоса уч кун муддатда давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш учун, бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юборилади.

Таъкидланишича, Апелляция кенгаши мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган, амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда уларни белгиланган тартибда расмий шарҳлашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўради. Бундан ташқари, қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш бўйича тегишли давлат органларига таклифлар киритади.

Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ғуломжон Ўринбоевнинг сўзларига кўра, кенгаш 7 нафардан 11 нафаргача аъзолардан иборат таркибда, икки ярим йил муддатга, тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан тасдиқланиб, кенгаш аъзолигига амалий тажриба ва обрў-эътиборга эга давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, соҳада катта амалий тажриба ёки илмий салоҳиятга эга бўлган фуқаролар қабул қилинади.

Маълумот учун, Президентининг 2020 йилнинг 17 июн куни қабул қилинган «Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан илғор ҳорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал этиш бўйича Апелляция кенгашлари ташкил этилиши белгиланган.

Шу билан бирга, бундай кенгашлар 2020 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида Давлат божхона қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида фаолият юритиши назарда тутилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилиб, янги ташкил этилаётган умумюрисдикция судларида 47 нафаргача судья фаолият юритиши маълум қилинганди.

Янгиликлар