Тошкент шаҳрида 4 та саралаш ва тақсимлаш марказида 1843 та ўрин бўшлиги маълум қилинди

Тошкент шаҳрида коронавирус инфекциясига гумон қилинган ёки касалланган беморларга тезкорлик билан малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги  томонидан 4 та саралаш ва тақсимлаш марказлари ташкил қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Улар:

814 ўринли «Ўзэкспомарказ» 1—2 павильони (Юнусобод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 107-уй);

Google Харита бўйича аниқ манзил

1 000 ўринли «Ўзэкспомарказ» 3—4 павильони (Юнусобод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 107-уй);

Google Харита бўйича аниқ манзил

750 ўринли «Универсал» спорт мажмуаси (Юнусобод тумани, Корхожиота кўчаси, 2А-уй);

Google Харита бўйича аниқ манзил 

520 ўринли «Ёшлик» спорт мажмуаси (Шайхонтоҳур тумани, Пахтакор кўчаси, мўлжал: «Пахтакор» метро бекати).

Google Харита бўйича аниқ манзил

Вазирлик бу ерда коронавирус инфекциясига чалинган беморларга сифатли ёрдам кўрсатиш учун барча шароитлар яратилганини маълум қилган.

Ўзида COVID-19 аломатларини сезган ёки бу касалликка чалинган фуқаролар ушбу масканларга уч йўл билан, яъни:

➖тез тиббий ёрдам машинасида;

➖оилавий поликлиника қошидаги мобил бригада ёрдамида;

➖ўзлари боришлари мумкин бўлади.

Таъкидланишича, ушбу марказларга мурожаат қилган ҳар бир беморга шифокорлар томонидан малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Бордию касаллик енгил, аломатларсиз кечаётган бўлса, бундай беморларга керакли дори воситалари ва тавсиялар берилиб, улар уйда даволашга ўтказилмоқда.

Саралаш ва тақсимлаш марказларида жами 3 084 та ўрин ташкил қилинган. Ушбу марказлар ўз фаолиятини бошланганидан буён 3777 нафар бемор мурожаат қилган бўлиб, шундан 2688 нафари ётқизилган, 1336 нафари эса соғайиб, уйларига юборилган.

Вазирликнинг маълум қилишича, ҳозирда COVID-19 билан касалланган беморларни саралаш ва тақсимлаш марказларида 1843 та бўш ўрин мавжуд.

Ушбу марказларга жойлашиш билан боғлиқ саволлар бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1003 қисқа рақамли Call-марказига мурожаат қилиш мумкин.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ҳудудларда коронавирусга чалинган беморларни қабул қилиш ва саралаш марказларини ташкил этиш кераклигини айтгани хабар қилинган эди. Шундан сўнг Навоий шаҳридаги «Ёшлар» спорт мажмуасида 400 ўринли тақсимот пункти иш бошлади.

Янгиликлар