Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди
Учрашувда савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳақдa президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 6 август куни Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини, минтақавий ва халқаро даражадаги алоқаларни муҳокама қилдилар.
Шунингдек, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, Жанубий Осиё ва Жанубий Кавказ йўлаклари орқали янги ташқи бозорларга чиқиш, шу жумладан Ашхобод битимига мувофиқ халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш истиқболларига тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Қайд этилишича, учрашувда аввал эришилган келишувларнинг бажарилиш ҳолати кўриб чиқилди. Ижобий ўсиш суръатларни давом эттириш учун янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, чегарадош ҳудудлар ва ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш кераклиги таъкидланди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари стратегик шериклик муносабатларини халқларимиз фаровонлиги йўлида ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойиллари асосида изчил мустаҳкамлаб бориш борасида қатъий эканликларини таъкидладилар.