Ўзбекистон топ-50 инновацион давлатлар қаторига киритилади

Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларда инновацион ривожланиш стратегиясида мамлакатни 2026 йилда Тoп-50 инновацион давлатлар қаторидан жой эгаллаши асосий мақсад этиб белгиланган.

Президент қарорига кўра, ҳудудларда 224 та, тармоқларда 441 та, олийгоҳлар ва илмий ташкилотларда 1 086 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган.

Шунингдек, стратегияга мувофиқ ҳудудлардаги инновацион марказлар сонини 494 тагача, инновацион стартапларни 1 437 тагача етказиш ва яратиладиган янги технологияларни 384 тагача ошириш, инновацион тадбиркорлик натижасида яратиладиган янги иш ўринларини 4 бараварга кўпайтириш, тижоратлаштириш натижасида яратиладиган янги инновацион ишланмалар сонини 2 бараварга ошириш мақсад қилинган.

Қайд этилишича, ҳозирда тармоқ ва олийгоҳ/илмий ташкилотлар кесимида жами 1 751 та инновацион лойиҳалар шакллантирилган. Хусусан, ҳудудлар кесимида 2 507 та иш ўрни яратиладиган 206 миллиард сўмлик 224 та лойиҳалар амалга оширилмоқда. Тармоқлар кесимида эса илмий-инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши белгиланган 26 та тармоқ ташкилотларининг 6,6 триллион сўмлик 265 та лойиҳа, иқтисодиёт тармоқларида амалга ошириладиган 33 триллион сўмлик 176 турдаги инновацион маҳсулотларни церийалаб ишлаб чиқариш ва технологиялар ўзлаштирилиши назарда тутилган «драйвер» лойиҳалар шакллантирилган.

Шунингдек, 113,9 миллиард ўмлик 134 та лойиҳа дастлабки техник ҳамда молиявий экспертизадан ўтказиш жараёнида, мазкур лойиҳалардан 10,7 миллиард сўмлик 27 та лойиҳа маҳаллий бюджет маблағларидан молиялаштирилиши белгиланган.