Баҳриддин Чустийнинг аҳволи ҳақида қўшимча маълумот берилди
Блогер Aзиза Умарова ўзининг Facebook’даги саҳифасида Тошкентда кўплаб муаллифлик ресторанларига эга бош ошпаз Баҳриддин Чустийнинг аҳволи оғирлашиб қолганини маълум қилган эди. Блогер Чустийнинг аҳволи ҳақида қўшимча маълумот берди.
Маълум қилинишича, Баҳриддин Чустий айни пайтда реанимацияда.
«Барчангизга раҳмат. Эрталаб Баҳриддиннинг рафиқаси Фарангиз билан гаплашдим. Унинг айтишича, Баҳриддин аллақачон реанимацияда. Кислородсиз сатурация 47, касалхонадаги кислород билан 89. Тана ҳарорати 38,5 даража», — деб ёзади Умарова.
Aзиза Умарова ўтган сафарги мурожаатида унинг аҳволи оғирлигини, зудлик билан малакали фтизиатр ва пульмонолог кераклигини ёзган. Блогернинг маълум қилишича, ушбу мурожаатга Соғлиқни сақлаш вазирлигидан жавоб келган. Баҳриддин Чустий бошқа касалхонга кўчирилади.
«Кўп одамлар, шу жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ҳам жавоб беришди. Aйни пайтда у россиялик шифокорлар кўригидан ўтган, шунингдек, мутахассислар билан онлайн тарзда маслаҳатлашилмоқда. Баҳриддин бошқа касалхонага ётқизилади. Биз яхши натижаларга умид қиляпмиз. Барчага яна бир бор раҳмат», — дейди Aзиза Умарова.
Маълумот учун, Баҳриддин Чустий 2017 йил Гиннес рекордлар китобига кирган ўзбек мегапаловининг ғоявий ташаббускори ҳисобланади.
Аввалроқ Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқова, хонанда Каниза ва «Беном» гуруҳи вакили Комил коронавирусга чалингани хабар қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Aлламжонов коронавирусга чалиниб, тузалиб чиққан. Шунингдек, адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова коронавирусга чалинганини маълум қилганди.