Баҳриддин Чустийнинг аҳволи оғир экани маълум қилинди
Тошкентда кўплаб муаллифлик ресторанларига эга бош ошпаз Баҳриддин Чустийнинг аҳволи оғирлашиб қолди. Бу ҳақда блогер Азиза Умарова ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Постда ёзилишича, Чустийни 70 сатурация билан касалхонадан чиқариб юбормоқчи бўлишган. Аммо унинг яқинлари бунга қаршилик кўрсатган. Ҳозирда юқумли касалликлар шифохонасида реанимация бўлимига жойлаштирилган. Кислород аппаратисиз сатурация 47, кислород билан 89 кўрсаткичга эга бўлиб тургани маълум қилинган.
Шу ўринда, Азиза Умарова унинг аҳволи оғирлигини, зудлик билан малакали фтизиатр ва пульмонолог кераклигини ёзган. Беморнинг ҳарорати 38,5 даражани ташкил қилмоқда.
«Ўзбекистондан бўлмаса ҳам майли. Масофавий консультация ҳам ҳозир аҳамиятга эга. Уни қутқариб қолиш керак», — деб ёзади Умарова.
Маълумот учун, Баҳриддин Чустий 2017 йил Гиннес рекордлар китобига кирган ўзбек мегапаловининг ғоявий ташаббускори ҳисобланади.
Аввалроқ Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқова, хонанда Каниза ва «Беном» гуруҳи вакили Комил коронавирусга чалингани хабар қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Aлламжонов коронавирусга чалиниб, тузалиб чиққан. Шунингдек, адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова коронавирусга чалинганини маълум қилганди.