Бўстонда ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлга 50 та шифер етказиб берилди (фото)
Андижон вилояти Бўстон туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлга 50 та шифер етказиб берилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туман ҳокими Садбархон Мамитованинг топшириғига асосан «Дехқонобод» МФЙда яшовчи ижтимоий химояга мухтож аёлга уйининг том қисмини ёпиш учун 50 та шифер етказиб берилган.
Бундан ташқари, фуқаро озиқ-овқат махсулотлари билан ҳам таъминланган.
Шунингдек, «Гузар» МФЙда яшовчи фуқарога тадбиркор хомийлигида уй-жой қуришга амалий ёрдам бериш режалаштирилган. Таъкидланишича, мазкур қарор аёл 2 нафар фарзанди билан кўп йиллардан бери ижарада яшаб келаётганлиги учун туман ҳокимига қилган мурожаатидан сўнг қабул қилинган.
Бундан аввал Қўқон шаҳар ҳокими ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олгани ва Булоқбошидаги маҳаллада аҳоли мурожаатидан сўнг хожатхоналарни таъмирлаш ишлари бошлангани маълум қилинган эди. Кейинчалик Асакада уйи ёнган фуқарога 55 та шифер ва 100 дона бройлер жўжаси берилиши ҳамда Жалақудуқ тумани ҳокими ўзига йўлланган мурожаатда айтилган жойларни бориб ўргангани ҳақида хабар берилди.