Асакада уйи ёнган фуқарога 55 та шифер ва 100 дона бройлер жўжаси берилади (фото)
Андижон вилояти Асака туманида яшовчи уйи ёнган фуқарога 55 та шифер ва 100 дона бройлер жўжаси берилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 1 октябрь, пайшанба куни туман Мансур Алихонов ҳокими ва сектор раҳбарлари «Бозорбоши» маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрган.
Қайд этилишича, мазкур маҳаллада яшовчи фуқаро Тиллаева Нодирахоннинг яшаб турган уйида ёнғин чиққан ва барча керакли буюмлари ёниб кетган.
Туман ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари мазкур хонадондаги вазиятни яқиндан ўрганган.
«Худо хоҳласа, яшаш уйини тўла таъмирлаб берамиз. Туманимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди», — деди Мансур Алихонов.
Шунингдек, 2 октябрдан ушбу хонадонда қурилиш ишлари бошланиши режалаштирилган. Фуқарога ёрдам тариқасида эса озиқ-овқат маҳсулотлари берилган.
Бундан ташқари, ҳомийлик асосида уйни таъмирига етарли бўлган 55 дона шифер ва 100 дона броллер жўжалари берилиши қайд этилган.
Аввалроқ Жиззахда 11-жарроҳлик амалиётидан кейин аҳволи оғирлашган фуқарога кейинги операция ўтказилишида ёрдам берилиши ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Сўхда ишсиз ва эҳтиёжманд 71 нафар шахсга 20 сотихдан ер берилгани ҳамда Қамашида эҳтиёжманд аҳоли учун 1000 дан зиёд иссиқхона қуриб берилиши маълум қилинган.