Халқ таълими вазири ўринбосари Қоракўл Халқаро математика мактабига ташриф буюрди (фото)

Бухоро вилояти Қоракўл туманида халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигидаги делегация аъзолари Қоракўл Халқаро математика мактабида бўлди. Бу ҳақда тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Қоракўл туман ҳокимлиги матбуот хизмат

Таъкидланишича, Президентнинг Қоракўл мактабларини барча вилоятлар ва туманларда ташкил этиш юзасидан берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев, Қибрай тумани ҳокими Мирагзам Миркасимов, Тошкент тумани Халқ таълими бўлими мудири Зокир Толбоев, Қибрай туман прокурори Санжар Солихов, Кибрай туман Халқ таълими мудири Элбек Тожибоев ва мактаб раҳбарлари, Бухоро вилояти Халқ таълими бошқармаси раҳбари Дилфуза Мустафоевалардан иборат делегация аъзолари Қоракўл Халқаро математика мактабида бўлди.

Фото: Қоракўл туман ҳокимлиги матбуот хизмат

Ташриф буюрганлар Халқаро математика мактабида амалга оширилаётган таълим жараёнлари ва мактабнинг ютуқлари билан танишди. «Қоракўлча» ўқитиш методологиясининг тарғиботчилари бўлган ўқитувчиларнинг дарс ўтиш техникалари намойиш қилинди. Мактаб директори Темир Рўзиев томонидан Халқаро математика мактабининг тарихи ва узоқ йиллик босиб ўтган йўли меҳмонларга сўзлаб берилди.Таълим соҳасидаги ҳар қандай меҳнат ортида кучли интизом бўлсагина ютуққа эришиш мумкинлиги Темир Рўзиев томонидан таъкидланди. Қоракўл таълимида эришилган ҳар бир медал ва халқаро ютуқ ортида қатъий тартибга асосланган устоз ва шогирдларнинг меҳнатидан ўзга ҳеч нарса йўқлигига гувоҳ бўлинди.

Фото: Қоракўл туман ҳокимлиги матбуот хизмат

Шунингдек, вазир ўринбосари бошчилигидаги делегация аъзолари Халқаро математика мактабининг янги биносида бўлди. Меҳмонлар Президент ташаббуси билан 50 миллиард сўм маблағ эвазига қад кўтарадиган, халқаро мақомга эга таълим маскани биноси халқаро стандартларга мос тарзда бунёд этилаётганига гувоҳ бўлди.

Маълумот ўрнида, бош вазирнинг 2019 йил 10 августдаги «Бухоро вилояти Қоракўл туманида халқаро математика мактабини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Туманнинг Улуғбек кўчасида жойлашган 1-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўрнида қурилаётган таълим муассасасига аввалги Қоракўл саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг бино-иншоотлари ҳам бириктирилган ва қайта таъмирдан чиқарилмоқда. Лойиҳага биноан янги ўқув йилидан бошлаб мазкур халқаро мактабнинг 7-синфига 90 нафар ўқувчи қабул қилинади. Мактаб моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва компютер техникаси билан жиҳозланади.

Ташриф якунида Қоракўл таълим тизимига ихтисослашган мактаблар тармоғи фаолиятини йўлга қўйиш анъанаси Қибрай тумани раҳбарияти томонидан давом эттирилишига келишилди.

Aввалроқ ПИИMA директори Сарвар Бобохўжаев Қоракўлдаги халқаро математика мактаби фаолияти билан танишгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар