Шерзод Шерматов Нарпай ва Ургут туманларидаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлигини текширди

Самарқанддаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёрлигини ўрганиш мақсадида халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Самарқандда бўлиб турибди. Вазир вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов билан биргаликда Ургут ҳамда Нарпай туманларидаги мактабларда ҳам бўлди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Халқ таълими вазири Ургут туманидаги 6, 8, 9, 27 ва 69-мактабларда, Нарпай туманидаги 43, 49, 55, 56 ва 64-мактабларда янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан танишиш билан бирга, мактаб педагогик жамоаси билан мулоқот қилди. У мактаб болани вақтинча ушлаб турадиган маскан эмаслигини уқтириб, мактаб директори, битирувчиларнинг синф раҳбарлари, фан ўқитувчиларини масъулиятли бўлишга чақирди. 2018/2019 ўқув йилида миллий рейтинг натижаларига кўра, Самарқанд мактаблари салбий кўрсаткични қайд этган эди. Ушбу ҳолат келгусида ҳудудда мутахассис етишмовчилиги, ишсизликнинг ортиб кетиши каби салбий ҳолатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Фото: Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Халқ таълими вазири туманлардаги таъмирга муҳтож, эски мактабларни инвестиция дастури асосида реконструкция ишларини олиб боришда аниқ тизим яратилиши лозимлигини таъкидлади. Бунда туман ёки шаҳар бўйича энг таъмирга муҳтож мактабларнинг рейтинги тузилади. Ҳар йили ҳудуддаги энг аҳволи оғир 1 та ёки 2 та мактаблар танланади ва реконструкция ишлари олиб борилади. Бу орқали ҳақиқий таъмирга муҳтож бўлган мактаблардан бошлаб, ўқувчи ва ўқитувчиларга кенг шароитлар яратилишига эришилади. Вазир Нарпай туманидаги 43, Ургут туманида жойлашган 27-мактабларидаги реконструкция ишлари билан танишиб, қурилиш ишларини сифатли амалга ошириш ва камчиликларсиз якунлаш бўйича қурувчиларга тавсиялар берди.

Фото: Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Фото: Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Фото: Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Фото: Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Фото: Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Фото: Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Аввалроқ Шерзод Шерматов Самарқанд шаҳри, Нуробод, Қўшробод ва Булунғур туманидаги мактабларнинг ҳолатини кўздан кечиргани хабар қилинган эди.

Янгиликлар