«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ хизматлар сифатини оширишдан манфаатдор эмас — Сенат мажлиси

Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси 5 октябрь куни видеоконференцалоқа тарзидаги сайёр мажлисини ўтказди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Қайд этилишича, мажлис Монополияга қарши курашиш қўмитасида ташкил этилиб, унда «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинган. Унда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Таъкидланишича, ички бозорда рақобатнинг мавжуд эмаслиги сабабли «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ хизматлар сифатини ошириш ва мослашувчан тариф сиёсатини қўллашдан манфаатдор эмас. Унда ихтисосли бўлмаган активларнинг мавжудлиги темир йўл саноатини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган катта ҳажмдаги молиявий маблағларни жалб этиш имкониятини чеклаётгани маълум қилинган. Шу билан бирга, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан мижозлар учун ниҳоятда кўп қулайлик яратадиган рақамли маҳсулотларни қўллаш тизими суст ташкил этилган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

«Бунга қўшимча, инвентар паркининг эскириш даражаси юқори бўлиб, вагонлар етишмайди. Мавжуд барча вагонларнинг 80 фоиздан кўпроғининг ёш таркиби 30 йилдан ортиқни ташкил этади. Бундан ташқари, ‘Ўзбекистон темир йўллари’ АЖ тизимида рақобатни чеклашнинг турли шакллари қўлланиб келинмоқда. Хусусан, жамият фақат 4 та экспедиторлик ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузган.  Бошқа экспедиторларнинг фақат ушбу ташкилотлар орқали фаолият олиб боришлари ташкил этилиб, бу эса иштирокчиларга товар, молия ва хизматлар бозорларида тенгсизликни келтириб чиқармоқда», — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, аҳолига хизмат кўрсатиш тизимида вокзалларга кириш тартиби ҳаддан ташқари тартибга солиниб, бюрократик тамойилларнинг кучайтириб юборилганлиги натижасида вокзалларнинг ўзини-ўзи таъминлаши учун имкониятлардан юқори даражада фойдаланиш мумкин бўлган халқаро тажрибалар амалга қўлланилмасдан келинмоқда.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Сенат қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Янгиликлар