Шавкат Мирзиёев: «Миллий стандарт ‘овози жаранглаши’га эришишимиз керак»

Шавкат Мирзиёев 28 сентябрь куни техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология тизимидаги ислоҳотлар натижадорлиги муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев йиғилишда «Ўзстандарт» агентлигини миллий орган мақомига олиб чиқиш, корхоналарда янги стандартларни манзилли жорий қилиш асосий вазифа эканини таъкидлади.

«Миллий стандарт ‘овози жаранглаши’га эришишимиз керак. Агар маҳсулот халқаро сертификатга эга бўлмаса, у ҳеч қачон рақобатбардош бўла олмайди. Мамлакатда ҳар бир тадбиркор стандартни билиши, таниши керак, шундай муҳит яратиш зарур», — деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, йиғилишда Президент «Ўзстандарт» агентлигининг халқаро стандартлаш ва метрология ташкилотларидаги иштирокини фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Мазкур агентликка Европа иқтисодий комиссияси техник қўмитаси билан қуритилган мевалар бўйича келишувга эришиш, келгуси йилда Халқаро аккредитация форумига тўлақонли аъзо бўлиш вазифаси қўйилди.

«Соҳага доир илм-фан ва таълимни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Келгуси йилдан Тошкент давлат техника университети билан энергия самарадорлиги, Кимё-технология институти билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари генетикаси, Тўқимачилик институти билан синтетик толалар, Илғор технологиялар маркази билан ҳамкорликда биологик фаол қўшимчалар йўналишида илмий тадқиқотлар олиб бориш муҳимлиги айтилди», дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистон миллий метрология институтида қурилиш материаллари, сув тежовчи ҳамда ахборот технологиялари бўйича кафедралар ташкил этилиши белгиланди. Инновацион ривожланиш вазирилиги илмий ишланмаларга грантлар ажратади.

Янгиликлар