Саида Мирзиёева ўзбек расмийларининг аёлларга нисбатан шафқатсизликларини қоралади
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ўзининг Telegram каналида ўзбек расмийларининг аёлларга нисбатан шафқатсизликларини қоралади.
Маълумотларга кўра, Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган 2 ҳолатга эътибор қаратган.
Дастлаб Мирзиёева ҳибсга олинган Тошкент вилояти собиқ бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева билан боғлиқ бўлган ҳолатга эътибор қаратган.
«Мен унга қўйилган айбловларнинг қонуний ёки ноқонунийлигини ҳеч қандай баҳоламоқчи эмасман, бу — суднинг мутлақ ваколати. Аммо сизнинг эътиборингизни шунга қаратмоқчиманки, энг кичиги атиги икки ёшда бўлган олтита фарзанднинг онаси судгача қамоқда сақланмоқда. Бизнинг қонунчилигимиз бошқа ривожланган мамлакатлар қонунчилиги сингари эркакларникига қараганда аёллар учун бироз кўпроқ имтиёзларни ўз ичига олади. Бунга мисол сифатида аёл кишининг ҳомиладорлиги ёки вояга етмаган фарзандлари борлиги унга енгиллаштирувчи ҳолатлар тақдим этиши мумкин. Бу ҳам инсонпарварликнинг бир тури. Гулжаҳоннинг ‘иши’да нега қонун бу қадар қаттиқ ва қатъий? Олти бола билан қаергадир қочиб қутулиши мумкинми? Наҳотки судгача қамоқда сақлаш бизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ягона йўли бўлса? Жиноят-процессуал қонунчилигида бошқа таъсирчан эҳтиёт чораларини қўллашга нима халақит беради?
Ҳибсга олиш — бу кучли стресс ва шахснинг маънан синдирилишидир. Айниқса, уйда ёш болаларингиз бўлганида. Шунинг учун Тошкент вилоятининг прокуратурасидан қарорни қайта кўриб чиқишларини сўраб қоламан», — дея ёзган Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари.
Сўнгра Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссия аъзоси МИБ томонидан мажбуран уйидан чиқарилмоқчи бўлганида ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлган наманганлик аёл ҳақидаги вазиятга ўз муносабатини билдирган.
«Унинг онаси ва икки фарзанди қолди. Бу аёллар уларга бошқа бировнинг уйини сотиб юборган фирибгарнинг қурбонига айландилар ва фирибгар эса жинояти учун қамоққа тушди. Мулк ҳақиқий эгаси томонидан талаб қилинган ва суд аёлларни болалари билан биргаликда чиқариб юбориш бўйича қарор қабул қилган.
Бундай даҳшатли ҳолатга қўл урган бу аёлнинг чорасизлигини тўлиқ тушуниб турибман.
Ва қонунчилигимизни бу борада номукаммал деб ҳисоблайман. Фирибгарлар қўлига тушиб турар жойларидан айрилиб ва том маънода кўчада қолган ҳолатлар фақат бу аёлдагина учрамайди. Фирибгарлар қамоққа олинишлари мумкин, лекин моддий зарарни бармоқ билан санайдиганлари қоплайди, холос. Бу ҳолда менинг нуқтаи назаримдан, фирибгарлар давлатга қарздор бўлиб, қонун олдида жавоб беришлари керак. Давлат эса ўз ўрнида шундай фирибгарлар гирдобига тушиб қолган инсонларга шу каби муаммолардан чиқишига ёрдам беришлари лозим.
Албатта, ‘одамлар ўзлари айбдор, жуда соддалар’ – деб айтиш мумкин. Бироқ, бунда давлатнинг ҳам айби бор. Қишлоқ аёллари барча қонуний ҳуқуқларини қаердан билишсин? Уларга ҳамма нарсани текшириб, ҳеч кимга ишонмасликни ким ўргатган? Битимни расмий нотариус томонидан қонунийлаштирилиши қандай юз берди?
Бундай саволлар фожиалар содир бўлишидан олдин берилиши керак! Бу каби ҳар қандай ҳолат узоқ ва жиддий терговни талаб қилади. Ва бундай ҳолларда ҳар доим норасида болаларни ҳисобга олмоқлик лозим! Уларнинг ҳеч қандай айби йўқ, лекин улар ҳам катталар билан бирга жазоланмоқдалар.
Мен, депутатлар бу масалаларни муҳокама қилиб, ночор аҳволга тушиб қолган ва алданганлар учун ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлашларини жуда-жуда истардим. Ҳеч ким борар жойи йўқ аҳволга тушиб қолмаслиги керак!» — дейди Саида Мирзиёева.
Бундан аввал Сенат раиси Тошкент вилояти бош инфекционистига қўлланилган эҳтиёт чорасига муносабат билдиргани ҳамда Маҳалла вазирлиги ва Омбудсман собиқ Тошкент вилояти бош инфекционистига қонун доирасида ёрдам бериши ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Бош прокуратура Наманганда ўзига ўт қўйиб, вафот этган аёл иши юзасидан расмий маълумот бергани маълум қилинди.