Учкўприкда 2020 йил охиригача 252 млрд сўмлик 30 та лойиҳа амалга оширилади
Фарғона вилояти Учкўприк туманида 2020 йил охиригача 252 миллиард сўмлик 30 та лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда Учкўприк тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, тегишли ташкилот ҳамда муассасалар мутасаддилари, туман кенгаши депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида 5 октябрь куни халқ депутатлари Учкўприк тумани кенгашининг олтинчи чақириқ 17-сессияси бўлиб ўтган.
Қайд этилишича, сессияда Учкўприк туманини «ўрта» ҳудуддан чиқариш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларини яхшилаш масалалари муҳокама қилинган.
Аввалроқ 24 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан ўтказилган видеоселекторда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда туман ва шаҳарлар «яшил», «сариқ» ва «қизил» ҳудудларга ажратилганди.
Президентнинг 2020 йил 1 майдаги «Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида» қарори ижроси бўйича натижалар таҳлилига кўра, Учкўприк тумани «сариқ» ҳудудга киритилган.
Мавжуд камчиликларни бартараф этиш, 2020 йил якунлари ҳамда 2021 йилнинг дастлабки чорагида барча кўрсаткичларни яхшилаш, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва «яшил» ҳудудга ўтказиш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилган.
Маълумотларга кўра, сессияда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов қатнашиб, кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирган.
Танқидий руҳда ўтган сессияда туманда ҳал этилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилиб олинган. Кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Боғдодда депутатлар туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни тузганди. Шунингдек, Балиқчи туманини «қизил» ҳудуддан чиқариш бўйича халқ депутатлари сессияси Танзила Норбоева иштирокида ўтказилганди.