Ўзбекистонда иссиқхона газларининг чиқарилиши давлат томонидан тартибга солинади

Президентнинг «2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг ‘яшилʼ иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан 2030 йилгача Ўзбекистонда «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш дастури тасдиқланган. Шунингдек, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги «яшил» иқтисодиётни илгари суриш ва «яшил» ўсиш тамойилларини жорий этиш, иқтисодиёт тармоқларида иссиқхона газлари ташланмаларини қисқартиришга доир фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланган.

Энергетика вазирлиги – «яшил» энергетикани ривожлантириш, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбалари ва водород энергетикасини кенг жорий қилиш, шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг энергия сиғимини камайтириш бўйича ваколатли орган.

2023 йил 1 июндан бошлаб маҳсулотларни ишлаб чиқаришда экология ва атроф-муҳитга таъсирни чеклаш бўйича қўйилаётган талаблар асосида «яшил сертификатлар» тизими жорий этилади.

Қуйидагиларни назарда тутувчи 2022–2026 йилларда иссиқхона газларининг чиқарилишини давлат томонидан тартибга солиш инфратузилмаси босқичма-босқич яратилади:

  • иссиқхона газларининг чиқарилишини давлат томонидан ҳисобга олиш ва уларнинг давлат кадастрини юритиш;
  • иқтисодиёт тармоқлари кесимида иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартиришнинг мақсадли кўрсаткичларини белгилаш;
  • иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш бўйича фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш.
  • 2024 йил 1 январдан бошлаб барча иссиқхона газларини қамраб олувчи Иқлим ўзгариши соҳасида мониторинг, ҳисобот бериш ва текширишнинг замонавий тизими (МРВ) йўлга қўйилади.

Иқтисодиёт тармоқларида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини режалаштириш ва амалга оширишдан олдинги босқичларда уларнинг иссиқхона гази ҳажмини қисқартириш имконияти баҳоланади.

2024 йил 1 январдан бошлаб янги қуриладиган, қуввати 1 мегаваттдан юқори бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳалари доирасида ушбу станцияларнинг ўрнатилган қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими мажбурий тартибда жорий этилади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Париж битимининг 6-моддасига мувофиқ, Барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш механизми бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган ҳам ҳисобланади.

Қарор билан қуйидагилар ҳам тасдиқланган:

  • Саноат тармоқларида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш бўйича концепция;
  • 2030 йилгача Ўзбекистонда «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси;
  • 25 та корхона ва ташкилотда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг энергия сиғими кўрсаткичини 2026 йилга келиб 2022 йилга нисбатан 20 фоизга камайтиришга қаратилган 2022–2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли параметрлари.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 3 декабрдан кучга кирган.