Коронавирусга қарши эмланиш кимларга тавсия этилмаслиги маълум қилинди
COVID-19’га қарши кимларга эмланиш тавсия этилмаслигини Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
Хабарга кўра, ОИВ инфекциясига ёки аутоиммун касалликларига чалинган шахсларни, шу жумладан анамнезида оғир аллергик реакциялари мавжуд бўлган шахсларни, ҳомиладорларни, эмизикли аёлларни ва 18 ёшгача бўлган аҳоли қатламини эмлаш тавсия этилмайди.
Қайд этилишича, ҳар қандай ҳолатда ҳам эмлаш тўғрисидаги қарор тиббий кўрик натижасида қабул қилинади.
«Коронавирусга қарши эмланган шахслар патронаж тиббиёт ходимлари томонидан эмлангандан сўнг 30 дақиқа давомида кузатиб турилади. Кейинчалик уч кун давомида уйига ташриф буюриш йўли билан мунтазам тиббий кузатувга олинади. Уларнинг соғлиғи, аҳволи кўздан кечирилиб, тегишли ҳужжат билан расмийлаштирилади», — дейди Нурмат Атабеков.
Таъкидланишича, барча эмлаш масканларида мутахассислар (вакцинаторлар), асбоб-анжомлар ва биринчи тиббий ёрдам учун зарур бўлган дори-дармонлар заҳираси яратилади. Эмлаш мутахассислари эмлашдан кейинги салбий реакцияларни аниқлаш ва лозим бўлган тақдирда тегишли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тайёргарликдан ўтказилган. COVID-19’га қарши эмланиш билан боғлиқ аллергик реакция кузатилган ҳолларда тез тиббий ёрдам бригадалари ҳам жалб этилади.