Бухорода 2020 йил якунига қадар 7,9 млрд сўм маблағ микрофирма ва кичик корхоналар ихтиёрида қолдирилади

Бухоро вилоятида 2020 йил якунига қадар 2827 та тадбиркорлик субъекти ихтиёрида 7,9 миллиард сўм маблағ қолдирилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Президентнинг 18 майдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан микрофирма ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкасини 1 июлга қадар 12 фоиздан 1 фоизга пасайтирилган.

Шунингдек, берилган имтиёз 20 июлдаги «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини кўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони билан 2020 йил охирига қадар узайтирилган.

Фармон билан микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундириш 2020 йил охирига қадар тўхтатилиши натижасида жами 11 108 та субъектнинг 48,8 миллиард сўмлик солиқ қарзини ундириш чоралари кўрилмайди ва 116 та 5,4 миллиард сўмлик қарздорлик бўйича ижро ҳаракати тўхтатилади.

Aввалроқ Бухорода 2020 йил охирига қадар алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилувчилардан олинадиган 1,6 млрд сўм уларнинг ўзида қолдирилиши хабар қилинганди.

Янгиликлар