Булунғурда ноқонуний равишда қурилиш материаллари тайёрлаётган фуқаро аниқланди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида ноқонуний равишда белгиланмаган ҳудуддан тупроқ қазиб, қурилиш материаллари тайёрлаётган фуқаро аниқланди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати

Маълумотларга кўра, Булунғур туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан рейд кузатуви ўтказилган. Рейдда «Мингчинор» маҳалласида фуқаро М.Р. томонидан ноқонуний равишда маҳалланинг белгиланмаган ҳудудидан тупроқ қазиб, қурилиш материаллари тайёрланаётганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Ерости бойликлари тўғрисида»ги қонунларда кўрсатилган тегишли моддалар талаблари бузилганлиги учун белгиланган тартиб асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 70-моддаси (Дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жавобгарлик учун жарима қўлланилди.

Эслатиб ўтамиз, Олтиариқда «Дарахтларни суғориш ҳафталиги» доирасида 38 та қабристондаги дарахтлар суғорилган эди.

Aввалроқ Улуғнорда 600 гектар майдонда «Ёшлар боғи» ташкил этилиши, аҳоли мурожаатидан сўнг Асакадаги чиқинди тўпланиб қолган ҳудуд тозалангани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Бухорода муҳофаза зонасидан қум қазиб олган шахс 2 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилган.

Янгиликлар