Ўзбекистон фуқаролари Россиядан йўловчи поездлар орқали қайтарилмоқда

Ўзбекистон фуқароларини Россия—Қозоғистон давлат чегарасидан ўтказиш масаласи бўйича Республика махсус комиссияси ҳамда Россия ва Қозоғистон томони билан келишувга биноан 6–7 август кунлари Ўзбекистон фуқароларини йўловчи поездлар орқали олиб келиш жараёни бошланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Хабарда айтилишича, Тошкент—Бузулук—Тошкент йўналишидаги поезд 918 нафар йўловчи билан 6 август, пайшанба тунида Ўзбекистон томон йўлга чиқади. Тошкент—Кинел—Тошкент йўналишидаги поезд эса 7 август куни 918 нафар йўловчилар билан тушдан сўнг ҳаракатланишни бошлайди. Ушбу рейс чипталари фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Бузулук ва Кинел вокзалларида сотилди. Бузулук—Тошкент йўналишидаги чипталар нархи 1 287 000 сўм (9259 рубль), Кинел—Тошкент йўналишидаги чипталар нархи эса 1 357 000 сўм (9761 рубль)ни ташкил этади. Йўл давомида йўловчи поездлар фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция-вокзалларда йўловчиларнинг платформага тушишига рухсат этилмайди.

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинади.

Маълумот учун, ушбу рейсларда олиб келинган йўловчилар поездлардан тушиши биланоқ Наманган ва Тошкент вилоятларининг карантин зоналарига юборилади. Aйнан шу жиҳатни инобатга олган ҳолда йўловчиларнинг қариндош ва яқинлари уларни кутиб олиш мақсадида вокзалга ташриф буюрмасликлари сўралган.

Шу ўринда, ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида мазкур йўналишда ташкил этилган поездларга чипталар турли хил коррупцион схемалар орқали сотилиш ҳолатлари кузатилаётгани тўғрисида асоссиз хабарлар тарқалмоқда. Транспорт вазирлиги йўловчилардан борди-ю, чипталарни харид қилиш вақтида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилиши билан боғлиқ вазиятларга дуч келган тақдирда вазирликнинг 1167 қисқа рақамли ишонч телефонига, шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» AЖнинг (71) 299-94-50  ишонч телефонига мурожаат этишлари сўралган.

Aввалроқ Ўзбекистонда туроператорлар ташкил этадиган чартер рейсларнинг чипта нархлари нега қиммат эканлиги маълум қилинганди. Қоҳира ва Пекин йўналишидаги чартер рейсларнинг вақти ўзгаргани, Россиядан чартер рейс орқали олиб келинган 501 нафар ўзбекистонлик Самарқанддаги карантин марказига жойлаштирилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар