Қувада ҳамкорликда ишлашни таклиф қилиб, танишидан 25 минг долларни ўзлаштирган аёлга жиноят иши қўзғатилди

Қува туманида 2020 йилнинг 05 май куни К.Л. исмли аёл тадбиркор танишига бирга ишлашни таклиф қилиб, 25 минг долларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

К.Л. исмли аёл туман марказида жойлашган буюм бозорида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган таниши Р.А. билан биргаликда ишлаб, кўрилган фойдани тенг тақсимлашишни келишган. Шундан кейин Тошкент шаҳридан металл махсулотларини олиб келиб, Қўқон шаҳрида сотишини айтиб, уларни олиб келиши учун 25 000 АҚШ долларини олиб, уларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан суд томонидан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот учун, ушбу жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Қўқонда танишига автомашина олиб беришни ваъда қилиб, уни 500 доллар ва 10 миллион сўмга «ухлатган» шахсга жиноят иши қўзғатилгани ҳақда хабар берилган эди.

Янгиликлар