Видео: Гулистондаги коронавирус беморларини даволаш марказидаги портлаш

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида 7 октябрь, чоршанба куни соат 8:13 да «Aлпомиш» спорт мажмуасида ташкил этилган коронавирусга гумон қилинган ёки касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, саралаш ва тақсимлаш марказида портлаш юз берди.

Фото: «Tez News»

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мажмуадаги кислород баллони ёрилиши оқибатида портлаш содир бўлганини тасдиқлади.

«Фуқароларга тан жароҳати етган. Таъкидлаш жоизки, зудлик билан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа тегишли хизматларнинг ходимлари воқеа жойига етиб бориб, фуқароларни хавфсиз ҳудудга кўчирдилар. Мазкур ҳодиса оқибатида вафот этган фуқаролар аниқланмаган. Вазият тўлиқ назоратга олинган», – дейилади ФВВ хабарида.

Вазирликнинг рус тилидаги ахборотида камида бир киши енгил тан жароҳати олгани айтилади.


Aввалроқ Бухорода электр подстанциясида ёнғин содир бўлгани, Сурхондарёда ёнилғи цистернасининг портлаб кетгани, Ёзёвон туманидаги чойхона ва савдо дўконларида ёнғин содир бўлгани ҳақида маълум қилинган.

Янгиликлар