Алишер Усмоновнинг жияни Ганя Усмонова вафот этган акасининг орзусини давом эттираётганини айтди

Алишер Усмоновнинг жияни Ганя Усмонова «Tabloid»га берган интервьюсида нега айнан ресторан бизнеси каби қийин йўналишни танлаганини айтиб берди.

Фото: «Tabloid»

Қайд этилишича, Ганя Усмонова ресторан очиш 2013 йилда йўл транспорт ҳодисасига учраб вафот этган акаси Бобур Усмоновнининг азалий орзуси эканини таъкидлаган. Шунингдек, Ганя ўзининг интервьюсида марҳум акасининг орзусини давом эттираётганини айтган. Ганя ресторан иши ҳозирги кунда мураккаб ишлардан бири эканини айтиб, Тошкент шаҳрида иккита грузинча овқат қиладиган ресторани борлигини маълум қилган.

«Дастлаб биз кичкина ва ихчам жойни режалаштиргандик, аммо жойни танлаганимизда ушбу ҳудуд ресторан қуриш учун жуда катта экани маълум бўлди. Биз шаҳар аҳолисига қандай озиқ-овқат маҳсулотлари зарурлигини ўргандик. Менимча, сиз оддийгина дам олишингиз мумкин бўлган, баланд овозда мусиқа эшитилмайдиган, чекиш тақиқланган оилавий ресторанлар Тошкентда жуда кам. Агар мавзу ва концептуал жиҳатдан қарасангиз, менинг ресторанимда рақобат йўқ, чунки Тошкентда грузин ошхонасидан атиги иккита бор», — дейди Ганя ўзининг интервьюсида.

Маълумот ўрнида, Алишер Усмоновнинг жияни 30 ёшли Бобур Усмонов Швейцарияда яшаб келган. У 2013 йилнинг 8 май куни яқинларидан бирининг никоҳ маросимида иштирок этиш учун Тошкентга келаётган пайт йўл транспорт ҳодисасига учраб вафот этган. Шунингдек, Алишер Усмоновнинг асосий меросхўри сифатида кўриладиган Бобур 2009 йил майида Шавкат Мирзиёевнинг жиянига уйлангани хабар қилинган.