«Ҳозирги ёшларда тил ўрганиш учун имкониятлар жуда кўп». Шерзод Шерматов ёшларни инглиз тилини ўрганишга чақирди

Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ота-оналар ва ўқитувчиларга мурожаат қилиб, болаларни тил ўрганиш бўйича мавжуд имкониятлардан фойдаланишга ундашларини сўради.

Фото: «Centralasia.news»

Вазирнинг ёзишича, ёшлигида инглиз тилини ўрганаётганида энг катта муаммо асл инглиз тилида сўзловчининг (native speaker) нутқини топиш бўлган.

«Таниш-билишлардан анча қидириб битта кассета топсак, қандай хурсанд бўлиб, роса эшитиб ўрганар эдик. Шунча қийналиб бўлса ҳам, репетиторсиз ‘TOEFL’ топшириб, АҚШда ўқиш имкониятига эга бўлгандик.

Ҳозирги ёшларда тил ўрганиш учун имкониятлар жуда кўп. Лекин жойлардаги юқори синф ўқувчилари билан суҳбатлашганимда, улар бундай имкониятлардан етарлича фойдаланмаётгани билиниб қолмоқда. Улар билан мулоқот пайтида нафақат инглиз тилида сўзлашишга қийналишаётгани, балки маҳаллий акценти ҳам қаттиқ сезиляпти.

Online-мактаб телевизион каналларида ёшларимиз инглиз тилини ўрганишлари учун америкалик ҳамкорларимиз ҳамда ‘UNODC’ томонидан инглиз тилидаги мултфилмлар тақдим этилган. Уларни бемалол дарсдан кейин ва дам олиш кунлари фарзандларимиз томоша қилиб ўрганишлари мумкин» — дейди Шерзод Шерматов.

Вазирнинг маълум қилишича, инглиз тили дарслари айнан америкалик ўқитувчи томонидан ўтилишини бошланган. Ҳозирги кунда бир ўқитувчи дарсларни қисман ўтмоқда. Январь ойида Ўзбекистонга АҚШдан қатор ўқитувчилар етиб келишади ва 1–11-синфларнинг барчасига инглиз тили телевизион дарслари «native speaker» томонидан олиб борилади.

«Интернети бор оилаларда ёшларимизни вақтини бекор ўтказмасдан, кўпроқ инглиз тилини ўрганишга сарфлашига ундасак, жуда катта имкониятлар бор. Масалан, катта қизим мактабида 10-синфни тугатиб, ёзги таътил пайтида уй ишлари билан банд пайтида ҳам ‘TED talks’ cерияларини эшитиб юриб ‘IELTS Listening’ қисмидан 9 олган эди.

Шу сабабли, ҳурматли ота-оналаримиз ва ўқитувчиларимиздан фарзандларимизни ушбу телевизион каналларимиз орқали эфирга узатилаётган инглиз тилидаги мултфилмларни ҳамда америкалик асл инглиз тилида сўзловчиларнинг дарсларини қўшимча машғулот сифатида кузатиб боришига ундашларини сўраймиз. Эслатиб ўтаман, ‘native speaker’ кўпгина қиммат хусусий мактабларда ва тайёрлов марказларида ҳам йўқ» — дейди Шерзод Шерматов.

Аввалроқ Шерзод Шерматов Қашқадарёдаги 20 та мактаб директорини ишдан бўшатгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, самарқандлик 29 нафар инглиз тили фани ўқитувчиси АҚШнинг ESN лойиҳасида қатнашгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар