Тошкентдаги муз майдони очилишида хоккейчи болалар муштлашиб кетди — фото

Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри олдида 7 январь, пайшанба куни биринчи очиқ муз майдони ишга туширилди. Очилиш маросими якунида болалар жамоалари ўртасида ташкил этилган хоккей бўйича кичик ўйинда жамоа иштирокчилари муштлашиб кетди, деб хабар бермоқда «Tez News» мухбири.

Фото: «Tez News»

Маълум бўлишича, тадбир муносабати билан муз майдонида кичик ёшдаги ҳоккейчи болалар ўртасида ўйин ташкил этилган. Унда «Бунёдкор-1» ва «Бунёдкор-2» жамоалари иштирок этган ва ҳеч қандай ҳисоб бўлмаган, фақат намойиш учун ўйналган. Ўйин якунида болалар ўртасида ўзаро тортишув келиб чиққан ҳамда улар бир-бирлари билан муштлашиб кетган. Орадан вақт ўтиб, ҳакам уларни муштлашувдан тўхтатган.

Ушбу воқеага шаҳар муз майдони очилишида чиқиш қилган Россия муз спорти юлдузи, фигурали учиш бўйича Олимпия чемпиони Алексей Ягудин ҳам гувоҳ бўлган.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Маълумот ўрнида, пойтахт марказидаги мазкур муз майдони бир ой муддатга ўрнатилган бўлиб, у 800 квадрат метрни ташкил этади. Мазкур лойиҳа 150 киши томонидан 8 кунда қуриб битказилган. Барча жиҳозлар Москва шаҳридан олиб келинган.

Аввалроқ Фарғона шаҳрида 1 декабрь куни футбол бўйича Ўзбекистон Про-лигасининг сўнгги тури якунидаги ўйинда бош ҳакам Шавкат Насибуллаев футболчи ва мухлислар томонидан калтаклангани хабар қилинган эди.

Кейинчалик вилоят Ички ишлар бошқармаси мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган. Шунингдек, Фарғона вилоятида ўйинда ҳакамни калтаклаган «Нефтчи» футболчиларининг бош мураббийи Абдусамат Дўрмонов ишдан олинган.