Тошкентдаги овқатланиш шохобчасида «маҳаллани қўлга олган йигит» жанжал кўтарди — видео

Тошкент шаҳридаги овқатланиш шохобчаларидан бирида 28 ноябрь куни бир гуруҳ ёшлар жанжал кўтариб муштлашгани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Кадр: Telegram / @zamonuz

Қайд этилишича, 28 ноябрь куни соат 23:00 да ИИБнинг 02 қисқа телефон рақамига «Оқ тепа-лаваш» олдида ёшлар томонидан жанжал кўтарилгани ҳақида хабар келиб тушган. Зудлик билан воқеа жойига Чилонзор туманининг ички ишлар ходимлари етиб келган. Безорилик қилган йигитнинг шахси аниқланган.

Мазкур жанжалда қатнашган 5 та фуқародан 3 таси вояга етмаган шахслар эканлиги аниқланган. Таъкидланишича, ҳеч кимга тан жароҳат етказилмаган.

Ҳозирда уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аниқланганлиги боис, улар маъмурий тартибда ушланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси томонидан назоратга олинган. Тергов ҳаракатлари якунига кўра, қўшимча хабар берилади.

Аввалроқ Самарқандда икки йигит тенгдошини калтаклагани айтилган хабар юзасидан маълумот берилганди. Шунингдек, Тошкентдаги «Малика» бозорида фуқаро 27 яшар эркакка «пакки» билан ҳужум қилгани хабар қилинган.