Жиззахда автомобилида инсон жасади борлигини айтиб, машина рақамини беркитган ҳайдовчи қўлга тушди — фото

Жиззах вилоятида 7 январь, пайшанба куни йўлдаги радарга тушиб қолмаслик учун автомобилида инсон жасади борлигини айтиб, машина рақамини беркитган ҳамда лой чоплаган ҳайдовчилар қўлга тушди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати

Маълум бўлишича, 7 январь куни Жиззах вилояти ҳудудида жойлашган «Манас-14» мунтазам йўл-патрул хизмати масканида хизмат олиб борган ЙПХ ходимлари томонидан ушбу маскандан ҳаракатланиб ўтаётган давлат рақам белгиси устига «Груз-200» ёзуви ёзилган қоғозни ёпиштириб олган «Cobalt» автомобили тўхтатилганда ҳайдовчи машинасида инсон жасадини айрим сабабларга кўра олиб кетаётганлигини айтган.

Холислар иштирокида автомобиль салони ва юкхонаси текширилганда ҳайдовчининг сўзлари ёлғон эканлиги, ҳайдовчи йўллардаги фоторадарларга тушиб қолмаслик, тезликни меъёридан ошириб транспорт воситасини бошқариш мақсадида ана шундай ёлғонни ўйлаб топганлиги маълум бўлган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати

Шунингдек, орқа ва олд давлат рақам белгиси лой билан беркитиб олинган «Epica» автомашинаси тўхтатилганда, ушбу автомобиль ҳайдовчиси ҳам худди «Cobalt» ҳайдовчиси каби йўллардаги фоторадарларга тушиб қолмаслик, тезликни меъёридан ошириб транспорт воситасини бошқариш мақсадини кўзлаганлиги маълум бўлган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотарига кўра, ҳар иккала автомобиль ҳайдовчисига нисбатан Йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловаси, 7,15-банди (Транспорт воситасида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини кўринишини чеклайдиган, тўғри аниқланишига халақит берадиган ҳар-хил буюмлар ўрнатилган ва қопламалар билан қопланган бўлса)да белгиланган талабларни бузганликлари бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддаси 2-қисми (Давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш) тартибида маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Аввалроқ Бухорода 8 марта йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчи жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар