Бухорода 8 марта йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчи жаримага тортилди

Бухоро вилояти Когон шаҳрида 8 марта йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчи 6 миллион 244 минг сўм жаримага тортилди. Бу ҳақда Бухоро вилоят Мажбурий ижро бюроcи ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, МИБ Когон шаҳар бўлимига ЙҲХБдан шаҳарнинг Маданият кўчасида яшовчи фуқаро А.Р.га нисбатан 8 та жами 6 миллион 244 минг сўм бўлган маъмурий жаримани мажбурий тартибда ундириш бўйича қарор келиб тушган.

Фуқаро А.Р. ўзининг «Сoblat»ида 2 ой ичида 8 маротаба йўл ҳаракати қоидасини бузганлиги ва ушбу ҳуқуқбузарликлар онлайн фото-видеорадарлар орқали тасвирга олинганлиги аниқланган.  Унга давлат ижрочиси томонидан 6 миллион 244 минг сўм маъмурий жаримани тўлиқ тўлаб бериши учун 15 кун ихтиёрий муддат белгиланган. Бироқ, қарздор белгиланган муддатда жарималарни тўлашдан бўйин товлаган.

Оқибатда фото-видеорадарларга тушган А.Р.га тегишли «Cobalt» автомашинасига нисбатан қидирув эълон қилинган. ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида автомашина Когон шаҳрида қарздор А.Р. бошқариб кетаётган вақтда тўхтатилиб, автомашина жарима майдончасига қўйилган.

Қайд этилишича, автоуловсиз қолган қарздор А.Р. 6 миллион 244 минг сўм маъмурий ҳамда ижро ҳужжатини бажаришдан бўйин товлагани учун тайинланган 1 миллион 115 минг сўм жарима пулларини Бюронинг Когон шаҳар бўлимига тўлаб берган.

Аввалроқ Фарғонада тўрт ойда 18 марта йўл қоидасини бузган ҳайдовчидан салкам 11 миллион сўм жарима ундирилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ёзёвонда 16 марта йўл ҳаракати қоидасини бузган эркак салкам 7 миллион сўм жарима тўлагани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар